451-ҚАРОР

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ПҚ-451-СОНЛИ ҚАРОРИ
Тошкент шаҳри 2006 йил 25 август

“Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”

Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб авайлаш, халқимиз, айниқса ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу борада тегишли идора ва ташклилотлар, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этиш лозим.
Шу билан бирга халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги муракаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий ҳуружладан ҳимоя иқлиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён атрофда юз бераётган воқеаларда дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ушбу соҳадаги ишларни, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг фаолияти ва таркибий тузилишини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Мамлакатимизда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги, уларнинг ҳаётийлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида ҳамда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилишида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига Республика Маънавият ва маърифат кенгашига раислик қилиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимларига эса ҳудудий кенгашларга раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари штатлар жадвалига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси штати (жами 14 штат бирлиги) киритилсин.
3. Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг таркибий тузилиши иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ҳузуридаги Миллий мафкура илмий тарғибот маркази ўрнига Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг илмий амалий йўналишда фаолият олиб борадиган, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ташкил этилсин.
Қуйидагилар миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг асосий вазифаси этиб белгилансин:
Миллий ғоя ва мафкура масаласи билан боғлиқ долзарб муаммоларни, бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича тахлил қилиш ва боҳолаш, устувор йўналишларини аниқлаш, уларни ахоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш;
Халқимизнинг кўп асрлик маънавияти ва миллий қадриятлари, диний қарашлари ва ҳаётий удумларига ёшларимизнинг онгини захарлаб, маънавий жиҳатдан қарам этишга қаратилган мафкуравий хатарларга қарши самарали кураш олиб бориш бўйича илмий-амалий дастурларни ишлаб чиқариш;
Фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустахкамлаш, уларнинг онгли яшашга, ўз фикрига эга бўлишга, турли маънавий тажовузларга қарши собит тура олишга қодир бўлган иродали, фидоий ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга йўналтирилган амалий тавсиялар тайёрлаш. Бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини таъминлайдиган замонавий ахборот технологиялари ва механизмларини, жамиятимизнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган самарали усул-услубларни ишлаб чиқиш, давлат ва жамоат ташкилотлари учун тегишли тавсия ва таклифлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш;
Ўз фаолияти доирасида амалга оширилган илмий ишлар натижаларини, тахлилий материалларнинг ҳулосаларини оммавий ахборот воситалари, жумландан, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг нашр органлари – “Тафаккур” ва “Жахон адабиёти” журналлари, “Маънавият” нашриёти орқали мунтазам равишда чоп этиб, кенг жамоатчиликка етказиш.
5. Республика “Маънавият ва маърифат” Маркази Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг амалий тарғибот йўналишида фаолият олиб борадиган Республика Маънавият тарғибот марказига айлантирилсин.
Қуйидагилар Республика Маънавият тарғибот марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Маънавиятнинг маъно моҳияти миллий қадриятларимизнинг қадимий излари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожлантириш тамойиллари ҳақида аниқ мақсадга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб бориш;
Аҳолининг кенг қатламлари, аввалам бор ёшлар ўртасида ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказиш;
Бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини атрофлича шархлаш ва тушунтириш, юртимизга қарши ғоявий ва информацион хуружлар, уларнинг ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини фош қилиш, одамларга ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш, олимлар, сиёсатчи ва мутахассислар, ижодкор зиёлилар иштирокида жойларда самарали тарғибот тизимини йўлга қўйиш;
Ота-она, оила ва махалла, тарихий хотира, миллий ғурур, комил инсон тарбияси билан боғлиқ туйғу ва тушунчаларни ёш авлод қалби ва онгига таъсирчан усул-услублар орқали сингдириш, аждодларимизнинг бу борадаги меросининг бугунги тараққиёт талаблари билан узвий ҳолда ривожлантириш, тарғибот ишларини миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлиги асосида ташкил этиш;
Юртдошларимизни муқаддас ислом дини ва фалсафаси, азиз авлиёларимизнинг ибратли ҳаёти, улуғ қадамжоларга, бошқа диний конфессияларга нисбатан хурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат руҳини мустахкамлаш бўйича маънавий-маърифий дастурларни амалга ошириш.
6. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши 15 кун муддатда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ҳамда Республика Маънавият тарғибот марказининг дастур ва Низомларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, миллий ғоя ва мафкура илмий -амалий маркази ҳамда “Тафаккур” журнали тахририятини Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5-уйга жойлаштирилсин.
8. Ўзбекистон алоқа ахборотлаштириш агентлиги Миллий ғоя ва мафкура илмий -амалий марказини хизмат телефонлари, жумладан, ҳукумат телефони, интернет, бошқа алоқа ва ахборот воситалари билан белгиланган тартибда таъминлансин.
9. Молия вазирлиги:
Миллий ғоя ва мафкура илмий -амалий маркази фаолиятини такомиллаштириш, уни зарур идоравий жихозлар, компьютер техникаси ва бошқа асбоб -ускуналар билан таъминлаш, марказнинг илмий тадқиқот натижалари, долзарб ижтимоий-сиёсий мавзулардаги китоб, рисола, дастур, қўлланма ва бошқа матбаа махсулотларини нашр этиш билан боғлиқ харажатлар учун 2007 йилдан бошлаб, давлат бюджетидан маблағ ажратишни кўзда тутсин;
Миллий ғоя ва мафкура илмий -амалий маркази учун 1 дона енгил автомобильга лимит ажратсин.
10. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 1 ой муддатда амалдаги қонун хужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Махкамасига таклифлар киритсин.
11.Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов