BARAMOL AVLOD

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
11.05.2011 й.
N 130

«БАРКАМОЛ АВЛОД» БОЛАЛАР МАРКАЗЛАРИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ
ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 28 февралдаги 50-сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. «Баркамол авлод» болалар марказлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 18 февралдаги 59-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1995 й., 2-сон, 5-модда) билан тасдиқланган Мактабдан ташқари муассаса тўғрисида низомнинг 2-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Баркамол авлод» болалар марказлари фаолиятининг хусусиятлари Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорида белгиланади».

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2011 йил, 19-сон, 190-модда.

«Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами», 2011 йил, 5-сон, 32-модда

Вазирлар Маҳкамасининг
2011 йил 11 майдаги
130-сон қарорига
ИЛОВА

«Баркамол авлод» болалар
марказлари тўғрисида
НИЗОМ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига асосан «Баркамол авлод» болалар марказлари (кейинги ўринларда «Марказ» деб аталади) фаолиятини тартибга солади.

2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, ушбу Низомга ҳамда ўз Уставига амал қилади.

3. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, банк ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, юридик манзили кўрсатилган штампга ва бланкаларга эга бўлади.

4. Марказ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган «Баркамол авлод» болалар марказининг намунавий устави асосида ўз уставини ишлаб чиқади. Устав муассис томонидан тасдиқланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари тегишли равишда Марказларнинг муассислари ҳисобланади.

6. Марказларнинг умумий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Республика миқёсидаги Марказлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфида, Қорақалпоғистон Республикаси Маркази Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфида, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Марказлари тегишли халқ таълими бошқармалари тасарруфида ҳамда туман (шаҳар) Марказлари тегишли халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари тасарруфида фаолият юритади.

7. Марказ Ўзбекистон Республикасида жорий этилган узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми бўлган давлат мактабдан ташқари таълим муассасаси ҳисобланади, ўқувчиларга қўшимча таълим-тарбия беришга мўлжалланган.

II. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

8. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
болаларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларига мувофиқ уларнинг ижодий ва бадиий қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг фойдали дам олишини ташкил этиш;
меҳнатсеварликни, касб тайёргарлигининг дастлабки ўқув ва кўникмаларини сингдириш, фан ва техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига мувофиқ техник воситалар ва компьютер технологиялари ишини ўрганишни ташкил этган ҳолда болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш;
болалар томонидан жонажон ўлка тарихи, археологик ва маданий мерос чуқур ўрганилиши, мамлакатимизнинг табиий бойликлари билан таништириш ҳамда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги асосий билимларни эгаллаб олиш;
мактабдан ташқари таълим тизимига илғор педагогик усуллар ва методлардан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шаклларини кенг жорий этиш.

III. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

9. Марказ кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг хусусияти, ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларига кўра уларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга қаратилган техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишларини ўз ичига олган ҳолда фаолият кўрсатади.
Марказ 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга уларнинг ҳар томонлама камол топишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кенг имкониятлар яратади.
Марказ муассис томонидан давлат муассасаси сифатидаги ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан рўйхатдан ўтказилади.

10. Марказ алоҳида бинода ёки умумтаълим мактаблари биноларининг алоҳида ўқув блокларида алоҳида кириш жойи билан таъминланган ва мактабдаги ўқиш жараёнига халақит бермайдиган ҳолда ташкил қилинади ҳамда мустақил равишда фаолият кўрсатади.
Умумтаълим мактаблари биноларининг алоҳида ўқув блокларида ташкил қилинган Марказларда электр энергиясини ҳисобга олишнинг алоҳида приборлари ўрнатилади ва электр энергияси учун тўловлар электр таъминоти ташкилоти билан белгиланган тартибда тузилган шартнома бўйича амалга оширилади. Қолган коммунал харажатлар эса Марказлар эгаллаб турган бинонинг майдони ва ҳажмидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларига молия органлари билан келишув бўйича қопланади.
Шунингдек, Марказ тасарруфида сайёҳлик базалари ва ўқув тажриба-синов майдончалари ҳам ташкил этилиши мумкин.
Марказ тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирларни амалга оширади.

11. Марказда техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишларидаги тўгараклар ташкил этилади.
Тўгараклар ўз фаолиятини ўқув дастурлари асосида амалга оширади. Ўқув дастурлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика таълим маркази қошидаги тегишли илмий-методик кенгашда тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг буйруғи билан амалиётга татбиқ этилади.

12. Марказда ташкил этиладиган тўгарак машғулотлари мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талабларига мувофиқ биринчи, иккинчи ва кейинги ўқув йилларида тегишли ўқув дастурлари асосида, хусусан, техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишлари бўйича гуруҳларга бўлиб ўтказилади.
Тўгарак машғулотлари ўқув дастурлари талабларига кўра бутун ўқув йили учун ҳамда қисқароқ муддатларга ҳам ташкил этилади.
Тўгарак машғулотлари ўқув йилининг 15 сентябридан бошланиб 25 майда якунланади. Ёзги таътил кунлари учун алоҳида мавсумий режалар тузилади.
Марказнинг тўгарак машғулотлари жадвали тўгарак аъзолари учун қулай тартибда, уларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ва санитария-гигиена нормалари инобатга олинган ҳолда педагогик ходимларнинг тақдимномасига кўра маъмурият томонидан тузилади ва тасдиқланади.

13. Марказда тўгарак машғулотларининг ташкил этилиши учун ҳафтада 6 академик соат ажратилади. 6 ёшли болалар учун олиб бориладиган тўгарак машғулотлари вақти 35 дақиқа этиб белгиланади ва у ҳафтада 2 академик соатдан ошмаслиги лозим.
Марказда ҳар бир гуруҳдаги тўгарак аъзоларининг сони биринчи ўқув йилида 10 нафардан, иккинчи ва ундан кейинги ўқув йилларида эса 8 нафардан кам бўлмаслиги лозим.
Тўгараклар ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, махсус ўқув дастурлари асосида биринчи ва иккинчи ўқув йилларидан кейинги ўқув йиллари учун ҳам ташкил этилиши мумкин. Махсус ўқув дастурлари мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибда тасдиқланиши зарур.

14. Марказ таътил пайтларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, дам олишларини тўлақонли амалга ошириш мақсадида муассасалар ва маҳаллаларда (овулларда) ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан ҳамкорликда турли йўналишдаги оммавий тадбирларни ташкил этиши мумкин.

15. Марказ томонидан ўқувчиларга қўшимча таълим олганлиги тўғрисида ушбу Низомга илова қилинган намунадаги шаклда гувоҳнома берилади.

16. Марказ тегишли халқ таълими органлари билан келишган ҳолда ўз йўналишлари бўйича умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этиладиган тўгараклар фаолиятига амалий-услубий ёрдам кўрсатади.

17. Марказ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари билан ҳамкорликда ходимларнинг малакасини оширишни таъминлайди, илғор тажрибалар асосида тўгарак ўқув дастурларини тузиш ва такомиллаштиришга оид ишларни олиб боради.
Марказ ўқув йили натижалари бўйича тўгарак аъзолари билим, кўникма ва малакаларининг мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талабларига мослигини сўровномалар, семинарлар, кўрик-танловлар, мусобақалар, тестлар ва бошқа шаклларда мунтазам назорат қилиб боради.
Марказ ўрнатилган тартибда вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, ижодий уюшмалар, жамғармалар, бошқа ташкилотлар, маҳаллалар (овуллар), ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан узвий ҳамкорликда иш олиб боради.

IV. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ

18. Тўгарак аъзолари, ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва педагог ходимлар Марказ таълим жараёнининг иштирокчилари ҳисобланади.

19. Тўгарак аъзоларининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
Марказда ихтиёрий равишда мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари асосида таълим олиш;
қизиқишларига кўра тўгарак турини танлаш;
бир неча тўгаракларда қатнашиш, йил давомида қизиқиш ва истакларига қараб, бўш ўринлар мавжуд бўлса, бошқа тўгаракларга ўтиш;
инсоний қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, виждон эркинлиги, ахборот эркинлиги, ўз қарашлари ва эътиқодини ифодалаш;
Марказнинг жамоатчилик органларини сайлаш ва уларга сайланиш;
Марказнинг иш фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар киритиш.

20. Тўгарак аъзоларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
қонун ҳужжатларига риоя қилиш;
Марказнинг моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш;
Марказ Устави ва ички тартиб-қоидаларига, ахлоқий ва маънавий нормаларга риоя қилиш.

21. Ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз фарзандлари учун тўгарак турини танлаш;
Марказ маъмуриятидан мазкур муассаса Уставига мувофиқ зарур шарт-шароитларни яратишни талаб қилиш;
бола шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;
Марказни жамоатчилик асосида бошқаришда иштирок этиш.

22. Ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) мажбуриятлари:
фарзандининг жисмоний ва руҳий соғлом бўлиши учун ғамхўрлик қилиш;
боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан қараш, уни меҳнатсеварлик, эзгулик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
фарзандида қонунларга итоаткорлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат туйғусини тарбиялаш;
фарзандига тўгарак машғулотларида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
ота-она тўловларини белгиланган тартибда ўз вақтида тўлаб бориш.

23. Марказнинг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;
Марказни бошқаришда иштирок этиш;
Марказ маъмуриятига тўгараклар фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;
касб фаолияти учун шароитлар билан таъминланиш, малакасини ошириш, қайта тайёргарликдан ўтиш, таълим шакли, услуби ва воситаларини танлашда ташаббус кўрсатиш.

24. Марказнинг педагог ходимлари қуйидаги мажбуриятларга эга:
мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари ҳамда ўрнатилган тартибда тасдиқланган ўқув қўлланмалари ва дастурлари асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
педагог ахлоқ-одобига қатъий риоя қилиш;
ўқув-тарбиявий ишларни юқори савияда олиб бориш, таълим мазмунини такомиллаштириш, ўқитиш воситаларини яратишда фаол қатнашиш;
боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларда меҳнатсеварлик, эзгулик, меҳр-шафқат каби фазилатларни шакллантириш, она Ватанига садоқат, давлат тилига, миллий ва умуминсоний, тарихий ва маданий қадриятларга, ота-онага ва ўзидан катта ёшдагиларга ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;
ўзининг назарий билим даражасини, педагогик маҳорати ва касб малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш ва ўз устида мунтазам ишлаш;
ўқув-тарбиявий ва услубий ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

V. МАРКАЗДА ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ

25. Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг тегишли маълумотига ҳамда касбий тайёргарликка, юксак ахлоқий фазилатларга эга шахслар Марказда педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.
Шунингдек, зарур ҳолларда, тегишли педагогик маълумотга эга бўлмаган, аммо касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга ҳамда «Уста», техник ва сайёҳлик соҳаси бўйича «Спорт устаси» ёки «Спорт усталигига номзод» мақомига эга бўлган шахслар ҳам Марказда педагогик фаолият билан шуғулланишга жалб қилиниши мумкин.

26. Марказда тўгарак машғулотларини ўтказишга асосан умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари 0,5 ставка бўйича ҳисоб-китобдан келиб чиқиб контракт асосида жалб этилади.

27. Суд ҳукми билан ёки тиббий хулосага кўра педагогик фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахсларнинг Марказда ушбу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Марказ педагог ходимларининг фаолияти ўқувчилар шахсини, уларнинг маданий савиясини, фаоллигини, мустақиллигини, масъулиятлилигини, онгли, интизомли, уюшқоқ ва тартибли бўлишини ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши лозим.

28. Марказ тўгарак раҳбарларининг ҳафталик иш юкламаси 18 соатни ташкил этади.

VI. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

29. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Марказ ходимлари ва тўгарак аъзоларидан муассасанинг Устави ва ички тартиб қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;
тўгарак машғулотларини ўтказишни такомиллаштириш ва таълим жараёнини методик таъминлаш бўйича таклифлар киритиш;
молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган турли манбалари ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш.

30. Марказнинг мажбуриятлари:
халқ таълими органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, кўрсатмаларини бажариш;
ўз Уставида назарда тутилган вазифаларни ижро этиш;
мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари, ўрнатилган тартибда тасдиқланган ўқув қўлланмалари ва дастурлари асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
ўқувчиларнинг мактабдан ташқари таълимга бўлган эҳтиёжини ўрганиш, назарда тутилаётган тўгарак аъзолари контингентини аниқлаш;
ўқув режасини тегишли халқ таълими органлари билан келишиш;
таълим-тарбия жараёнини ўрнатилган тартибда санитария-гигиена нормаларига ва хавфсизлик қоидаларига мувофиқ ташкил этиш;
Марказнинг моддий-техник таъминоти ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш;
тўгаракларни ташкил этишда тўгарак аъзоларининг ёши, руҳий-физиологик ҳолати, лаёқати ва қизиқишларини инобатга олиш.

VII. МАРКАЗНИ БОШҚАРИШ

31. Марказга ўрнатилган тартибда муассис томонидан тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.

32. Педагогик кенгаш Марказда ўзини-ўзи бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.
Марказнинг педагогик жамоаси тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан Педагогик кенгаш таркибини сайлайди, уларнинг ваколатлари ва муддатини белгилайди.
Педагогик кенгаш йиғилиши Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, унинг фаолияти сифат ва самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Педагогик кенгаш йиғилиши йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.

33. Ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш ва такомиллаштириш, педагогик ходимларнинг касб маҳоратларини ва ижодий ўсишларини кучайтириш мақсадида марказда педагогик ходимларни бирлаштирувчи жамоавий орган — услубий кенгаш тузилади.
Услубий кенгаш раиси педагогик ходимлар жамоаси томонидан сайланади.
Услубий кенгаш ўқув режалари, дастурлари, ўқув қўлланмаларини янги педагогик технологиялар асосида жорий этиш йўлларини муҳокама қилади, педагогик ходимларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларини ташкил қилиш юзасидан қарорлар қабул қилади.

VIII. МАРКАЗНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ

34. Муассис ёки ваколатли давлат органи Марказга мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктиради.
Марказ ўзига бириктирилган мол-мулкни ва харажатлар сметаси бўйича ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.
Марказ фаолияти давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Қуйидагилар марказнинг мол-мулкини ва молиявий ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар;
ота-оналар тўловлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

35. Марказ аҳолига, турли ташкилотларга пуллик таълим хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатишга, шунингдек қонун билан тақиқланмаган, муассасанинг асосий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдиган бошқа тегишли фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли.
Қуйидагилар Марказ маблағларининг қўшимча манбалари ҳисобланади:
ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ўқув жараёнида тайёрланган буюм ва маҳсулотларни белгиланган тартибда сотишдан тушган маблағлар;
асосий машғулотлардан ташқари пайтда, таълим-тарбия жараёнига таъсир этмаган ҳолда, бўш турган бино ва иншоотлар, ўқув жиҳози ва асбоб-ускуналарини белгиланган тартибда ижарага беришдан тушган маблағлар;
эскирган ва яроқсиз ҳолга келган ускуналарни белгиланган тартибда рўйхатдан чиқариш орқали тушган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
бошқа тушумлар.

36. Педагог ходимларни мукофотлаш белгиланган тартибга кўра амалга оширилади.

37. Марказнинг моддий-техника базаси ерларни, биноларни, кутубхоналарни, спорт залларини, коммуникация, машина ва ускуналарни, транспорт воситаларини ҳамда таълим ва тарбия жараёнида фойдаланиладиган бошқа анжомларни ўз ичига олади.

IX. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКДА ҚАТНАШИШ

38. Марказ қонунчиликда белгиланган тартибда мактабдан ташқари таълим бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.

X. ЯКУНИЙ ҚОИДА

39. Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши ва тугатилиши мумкин.

Низомга
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси герби

O`zbekiston Respublikasi
«Barkamol avlod» bolalar markazida
maktabdan tashqari ta`lim haqida

G U V O H N O M A
MT № ________

(o`quvchining familiyasi, ismi, sharifi)

(Respublika, viloyat, tuman, shahar nomi)

«Barkamol avlod» bolalar markazida

20___ yil «____» ________________dan 20___ yil «____» ________________gacha
(kun) (oy) (kun) (oy)

(to`garak nomi)

to`garagida maktabdan tashqari ta`limga qo`yilgan davlat talablari asosida ta`lim oldi.

Markaz direktori
(imzo) (familiyasi, ismi)

Muhr o`rni

Sana: _____________ Qayd raqami: _____________

Гувоҳнома тавсифи

«Баркамол авлод» болалар марказида мактабдан
ташқари таълим ҳақида давлат намунасидаги
ГУВОҲНОМА

«Баркамол авлод» болалар марказида мактабдан ташқари таълим ҳақидаги гувоҳнома А4 форматли қалин оқ қоғозда тўрт хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда чиқарилади.
Варақнинг юқори қисмидан 20 мм чекинган ҳолда диаметри 46 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби жойлаштирилади. Варақнинг икки ён тарафидан 15 мм ва қуйи қисмидан 15 мм чекинган тасманинг эни 6 мм ни ташкил этади.
Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI «Barkamol avlod» bolalar markazida maktabdan tashqari talim haqida GUVOHNOMA» сўзлари босилади. Гувоҳномага икки лотин ҳарфи — MT ва тартиб рақами қўйилади.

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2011 йил, 19-сон, 190-модда.