QAROVSIZ BOLALAR

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
22.05.2008 й.
N 104

ОТА-ОНАСИНИНГ ҚАРОВИСИЗ ҚОЛГАН ВА
ТЎЛИҚ ДАВЛАТ ТАЪМИНОТИДА БЎЛГАН
БОЛАЛАР УЧУН БОЛАЛАР ШАҲАРЧАЛАРИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялашнинг шакл ва методларини такомиллаштириш, оила шароитларида тарбиялаш учун уларга шарт-шароитлар яратиш, болалар тарбия муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшлар йили» Давлат дастури тўғрисида» 2008 йил 29 февралдаги ПҚ-805-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг «Болалар шаҳарчаси» тарбия муассасалари (кейинги ўринларда Болалар шаҳарчаси деб аталади)ни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш орқали ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларни оилада тарбиялашнинг замонавий шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:
Болалар шаҳарчаларини ташкил этиш босқичма-босқич, уларнинг болаларни қабул қилиш ва тарбиялаш учун тайёрлигига кўра амалга оширилади;
Болалар шаҳарчалари «Меҳрибонлик» уйларини Болалар шаҳарчаларига айлантириш йўли билан ташкил этилиши мумкин;
давлат Болалар шаҳарчалари билан бир қаторда нодавлат Болалар шаҳарчалари ташкил этилиши мумкин.

3. Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган ва фаолият кўрсатаётган «SOS — Ўзбекистон Болалар маҳаллалари» уюшмасининг тарбия муассасалари мақомига кўра Болалар шаҳарчаларига тенглаштирилиши ҳамда кўрсатиб ўтилган Низомнинг уларга нисбатан «SOS — Киндердорф Интернейшнл» халқаро жамғармаси ва «SOS — Ўзбекистон Болалар маҳаллалари» уюшмасининг тегишли ҳужжатларида назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қўлланиши маълумот учун қабул қилинсин.

4. «SOS — Ўзбекистон Болалар маҳаллалари» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг «SOS — Ўзбекистон Болалар маҳаллалари» уюшмасининг болалар маҳаллаларини давлат тарбия муассасалари учун белгиланган тартибга ва нормаларга мувофиқ қисман бюджетдан молиялаштиришга ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2009 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида «SOS — Ўзбекистон Болалар маҳаллалари» уюшмасининг Болалар маҳаллалари таъминотига қисман молиялаштириш учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2008 йил, 22-23-сон, 199-модда.

Вазирлар Маҳкамасининг
2008 йил 22 майдаги
104-сон қарорига
ИЛОВА

Ҳужжатнинг рус тилидаги
матнига қаранг

Ота-онасининг қаровисиз қолган ва
тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар
учун Болалар шаҳарчалари тўғрисида
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар
II. Болалар шаҳарчасини ташкил этиш тартиби
III. Болалар шаҳарчаларида тарбия жараёнини ташкил этиш
IV. Тарбияланувчиларни Болалар шаҳарчасига қабул қилиш тартиби
V. Тарбияланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
VI. Болалар шаҳарчасини бошқариш
VII. Болалар шаҳарчаси ходимлари
VIII. Болалар шаҳарчалари таъминоти ва уларни
моддий-техник таъминлаш
IX. Якуний қоидалар
Илова. Болалар шаҳарчаларининг Намунавий штатлари

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари (кейинги ўринларда Болалар шаҳарчаси деб аталади) мақомини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини, ушбу муассасалар ходимларининг ҳамда бундай муассасаларга тарбиялаш учун берилган болаларнинг (тарбияланувчиларнинг) ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

2. Болалар шаҳарчаси тарбия муассасаси ҳисобланади, унинг доирасида ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар кичик гуруҳлар шаклида оиладагига яқинлаштирилган шароитларда тарбияланади.
Болалар шаҳарчалари ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун тарбия муассасаларининг янада мукаммаллашган турлари сифатида, шу жумладан «Меҳрибонлик» болалар уйларини Болалар шаҳарчаларига босқичма-босқич айлантириш шартларида ташкил этилади.

3. Болалар шаҳарчаси ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларнинг яшашга ва оилада тарбиялашга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек ижтимоий мослашиш ва жамиятга интеграциялаш учун уларни маънавий-ахлоқий, меҳнат тарбияси ва таълим олишини ҳар томонлама таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
Қуйидагилар Болалар шаҳарчасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
тарбияланувчиларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи оилавий муҳитни яратиш;
тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилишни ва соғлиғини мустаҳкамлашни таъминлаш, шунингдек профилактика тадбирларини амалга ошириш;
тарбияланувчиларни ижтимоий муҳофаза қилишни, психологик ва тиббий-педагогик реабилитация қилишни ва уларни жамиятга мослаштиришни таъминлаш;
болаларни миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш;
тарбияланувчиларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш, уларга касб танлаши учун шарт-шароитлар яратиш.

4. Болалар шаҳарчаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз уставига амал қилади.

5. Болалар шаҳарчаси юридик шахс ҳисобланади ва муассаса шаклида ташкил этилади.
Болалар шаҳарчаси давлат ва нодавлат шаклида бўлиши мумкин.

II. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

6. Болалар шаҳарчаси муассиснинг қарори асосида ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари давлат Болалар шаҳарчасининг муассиси бўлиши мумкин.
Нодавлат ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар нодавлат Болалар шаҳарчасининг муассиси бўлиши мумкин.
Нодавлат Болалар шаҳарчаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишган ҳолда ташкил этилади.
Нодавлат Болалар шаҳарчасини ташкил этишда муассис томонидан уни камида 3 йил мобайнида ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришнинг аниқ манбалари кафолатлари ва тасдиқномаси тақдим этилади.

7. Болалар шаҳарчаси устав асосида фаолият кўрсатади. Болалар шаҳарчасининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Болалар шаҳарчасининг устави унинг муассиси томонидан тасдиқланади. Нодавлат Болалар шаҳарчаси устави уларнинг ҳудудий жойлашишига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси билан келишган ҳолда тасдиқланади.

8. Болалар шаҳарчаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

III. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАЛАРИДА
ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ

9. Болалар шаҳарчасида тарбия жараёни оилавий типга кўра ташкил этилади. Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун берилган болалар тарбиячи бошчилигида гуруҳларга бўлинади, гуруҳлар оилалар деб аталади. Ҳар қайси оилада турли ёшдаги 6 нафардан 8 нафаргача болалар тарбияланади.

10. Болалар шаҳарчасининг ҳар қайси оиласи алоҳида уйларга ёки алоҳида турар жойларга (квартираларга) жойлаштирилади.

11. Болалар шаҳарчасида камида 12 та оила ташкил этилади. Тарбияланувчи болаларнинг умумий сони 140 нафардан ошмаслиги керак.
Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун бериладиган болаларнинг ёши, қоидага кўра, 3 ёшдан бошлаб уларнинг умумтаълим муассасасини тугатиш ёшигача бўлади.

12. Тарбиячилар болаларни тарбиялаш усулларини белгилашда васийлик ва ҳомийлик органининг тавсияномаларига амал қиладилар.

13. Тарбиячи тарбияланувчининг таълим муассасасини ва ўқитиш шаклини танлашда болаларнинг хоҳишларини ҳисобга олиши ва болаларнинг умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.

14. Тарбиячилар ўз ваколатларини амалга оширишда болаларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига, уларнинг ахлоқий ривожланишига зарар етказишга ҳақли эмас. Тарбиялаш усуллари болаларнинг қадр-қимматини таҳқирловчи менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик муносабатларидан холи бўлиши керак.

15. Болалар шаҳарчаси ходимлари тарбияланувчиларнинг ака-укалари ва опа-сингилларини, бошқа қариндошларини қидириб топишга ҳамда уларнинг муносабатларини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишлари шарт, тарбияланувчиларнинг манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
Низоли ҳолларда тарбияланувчи билан унинг ота-оналари, қариндошлари ўртасидаги муносабатлар тартиби васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланади.

16. Болалар шаҳарчасининг раҳбарлари ва педагог ходимлари тарбияланувчиларни оилага жойлаштириш чора-тадбирларини кўришлари шарт.

17. Болалар шаҳарчаси тарбиячилари Болалар шаҳарчаси оилалари билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида биркитилган мол-мулкнинг сақланишини таъминлайдилар.

18. Болалар шаҳарчаси маъмурияти тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан учрашувига ва уларнинг ота-оналик ҳуқуқлари тикланган тақдирда улар билан бирлашишига ҳамда боланинг манфаатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда қаршилик кўрсатмаслиги керак.

19. Тарбияланувчиларни илгариги оиласига қайтариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

IV. ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИ
БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИГА
ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

20. Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларни Болалар шаҳарчаси оиласига бериш қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Болалар шаҳарчасига ота-онасининг қаровисиз қолган янгидан аниқланган болалар ҳам, ихтисослаштирилган болалар таълим муассасаларининг тарбияланувчилари ҳам юборилади.

21. Болаларни Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун беришда васийлик ва ҳомийлик органлари болаларнинг манфаатларини ҳисобга олиши керак. Ўн ёшга тўлган болалар Болалар шаҳарчаси оиласига фақат уларнинг розилиги билан берилиши мумкин.

22. Тарбияланувчиларни оилага қабул қилиш ва танлаш маъмурият вакиллари томонидан, халқ таълими бўлими йўлланмаси асосида, Болалар шаҳарчасининг тарбиячилари, психологи ва ижтимоий ходимининг бевосита иштирокида амалга оширилади.

23. Болаларни оилага беришда Болалар шаҳарчаси маъмурияти, биринчи навбатда, болаларнинг манфаатларига амал қилиши, уларнинг этник жиҳатдан келиб чиқишини, муайян динга ва маданиятга мансублигини ҳисобга олиши, она тилида муомала қилиши учун шарт-шароитлар яратиши, тарбиялаш ва таълим беришда изчилликни таъминлаши керак.
Ака-укалар ва опа-сингиллар битта оилага берилиши керак, тиббий ёхуд бошқа сабабларга кўра улар биргаликда тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Болаларнинг биргаликда тарбияланишига монелик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

24. Болалар шаҳарчасига бериладиган ҳар бир болага васийлик ва ҳомийлик органлари тарбиячиларга қуйидаги ҳужжатларни берадилар:
туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома ва амбулатория картаси;
маълумоти тўғрисидаги ҳужжат (мактаб ёшидаги болалар учун);
ота-онаси тўғрисидаги ҳужжатлар (ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, суднинг ҳукми ёки қарори нусхаси, касаллиги, ота-онасининг қидирилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома ва ота-онасининг йўқлигини ёки улар ўз болаларини тарбиялай олмаслигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар);
ака-ука ва опа-сингилларининг мавжудлиги ҳамда уларнинг турган жойи тўғрисидаги маълумотнома;
болага тегишли мол-мулкнинг рўйхати ва мол-мулкнинг сақланиши учун жавоб берадиган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
илгари эгаллаб турилган турар жойни вояга етмаганларга бириктириш тўғрисидаги ҳужжатлар;
суднинг алимент ундириш тўғрисидаги қарори нусхаси, шунингдек нафақа, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар;
боланинг номига очилган банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжат.

25. Тарбиялаш учун Болалар шаҳарчасига берилиши мумкин бўлган болалар сони ва уларни бериш навбати Болалар шаҳарчаси оиласининг маъмурияти, педагог-психологи ва тарбиячиси билан биргаликда белгиланади.
Тарбиячилар тарбияланувчиларни танлаш мақсадида, давлат Болалар шаҳарчаси маъмуриятининг ёзма рухсатномаси бўйича «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини дам олиш, байрам ва таътил кунлари таклиф қилишлари мумкин. «Меҳрибонлик» уйлари маъмурияти тарбиячиларни ушбу тарбияланувчиларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдлари билан таништириши шарт.

26. Васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун танлашда уларга мерос, ҳадя тартибида ёки бошқа қонуний асосларда ўтган мол-мулк мавжудлигини аниқлаши ҳамда болаларнинг мулкий ҳуқуқлари муҳофаза қилиниши ва ушбу мол-мулк сақланиши юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришлари шарт (қонун бўйича болалар мерос қилиб олиши керак бўлган мол-мулкни аниқлаш, сақлаш ва бошқариш, мол-мулкни ноқонуний эгаллаб олган шахслардан уни талаб қилиш, қарздорлардан пул ва бошқа маблағларни ундириш ҳамда ҳоказолар).

27. Агар Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун берилган болаларда бошқа жойда турган мол-мулк мавжуд бўлса, у ҳолда ушбу мол-мулкни муҳофаза қилиш мол-мулк турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан амалга оширилади ва зарурият бўлганда улар томонидан мол-мулкка васий тайинланиши мумкин.

V. ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИНГ
ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

28. Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари қонун ҳужжатларига ва Болалар шаҳарчаси уставига мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир.

29. Тарбияланувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари Болалар шаҳарчаси маъмурияти, васийлик ва ҳомийлик органи, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органлар томонидан ҳимоя қилинади.

30. Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси Болалар шаҳарчаси маъмурияти, шунингдек тарбиячи томонидан суиистеъмоллар содир этилишидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

31. Тарбияланувчи Болалар шаҳарчасида бўлган бутун даврда мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек бошқа қонуний асосларга кўра ота-оналар, қариндошлар ёки бошқа шахслардан унга ўтган мол-мулкка, турар жойга мулк ҳуқуқини сақлаб қолади. Турар жой тарбияланувчи Болалар уйида бўлган бутун давр мобайнида унда сақланиб қолади.

32. Тарбияланувчи унга берилиши керак бўлган алиментлар, ижтимоий нафақалар, пенсияга бўлган ҳуқуқни (боқувчисини йўқотганда, ногирон бўлиб қолганда) ҳамда ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.
Болалар уйидаги тарбияланувчининг таъминоти учун ота-онадан ундириладиган маблағлар, унга тайинланган нафақа ва бошқа тўловлар тарбияланувчининг номига очилган банк ҳисоб рақамларига ўтказилиши керак.

33. Тарбияланувчи ўзига тегишли бўлган уй-жой ижарага берилишидан олинган даромадларга, ижодий, касбий, меҳнат фаолиятидан ва бошқа фаолиятдан олинган даромадларга ҳуқуқни сақлаб қолади. Битимлардан олинган даромадлар маъмурият томонидан фақат тарбияланувчининг манфаатларини кўзлаб ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан сарфланиши мумкин.

34. Тарбияланувчи оилага қайтганда (фарзандликка олинганда) ёки Болалар шаҳарчасидан тарбиялаб чиқарилгандан кейин тарбияланувчининг мол-мулки ва ҳужжатлари нотариал тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича ота-онасига ёки тарбияланувчининг ўзига берилади.

35. Тарбияланувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш Болалар шаҳарчаси врачи, шунингдек Болалар шаҳарчаси жойлашган жойдаги даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланади.
Болалар шаҳарчаси маъмурияти тиббиёт ходими учун алоҳида хона ва тиббий асбоб-ускуналар ажратади.

36. Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари мактабгача тарбия ва умумтаълим муассасаларида умумий асосларида тарбияланади ва ўқитилади, бунда болалар давлат мактабгача тарбия муассасаларида бўлган вақт учун тўлов ундирилмайди.

37. Болалар шаҳарчасида тарбияланувчилар учун қўшимча таълим (тўгараклар, студиялар, спорт секциялари ва ҳоказолар) ташкил этилади.

38. Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлар мавжуд бўлган мактабгача ёшдаги тарбияланувчилар билан психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан болаларнинг ривожланишида аниқланган нуқсонларга мувофиқ мактабгача ёшдаги болаларни психофизик ривожланиш хусусиятларига эга бўлган тарбиялаш ва ўқитиш дастурлари бўйича таълим ташкил этилиши мумкин.

39. Болалар шаҳарчаси маъмурияти тарбияланувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга кириши юзасидан жавоб беради ва унга зарур ёрдам кўрсатади.

40. Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларига ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун йўлланма беришда қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл ҳақи ва йўлдаги вақтда овқатланиш харажатлари тўланади.

41. Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари маъмурият билан келишган ҳолда улар ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тамомлагунига қадар, мазкур муассасада ётоқхона мавжуд бўлмаган тақдирда, Болалар шаҳарчасида тўлиқ давлат таъминотида яшаши мумкин.
Маъмуриятнинг рухсати билан Болалар шаҳарчасида битирувчиларнинг яшаши учун битта тегишли уй ажратилади.

42. Болалар шаҳарчасининг ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасасида таълим олаётган собиқ тарбияланувчилари ўзлари таълим олаётган таълим муассасалари маъмурияти билан келишган ҳолда таътил даврида, дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек касаллик даврида яшаганлик учун ҳақ тўламасдан Болалар шаҳарчасида туришлари мумкин. Вақтинча яшайдиган ўқувчилар ва талабалар Болалар шаҳарчаси учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш шарти билан овқат билан таъминланадилар.

43. Васийлик ва ҳомийлик органлари тарбияланувчиларнинг фаровонлиги, соғлиғи (соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда) ва камол топиши, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши устидан ойлик назоратни амалга оширадилар.

VI. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИНИ
БОШҚАРИШ

44. Болалар шаҳарчасига бевосита раҳбарлик муассаса маъмуриятига бошчилик қиладиган ҳамда мазкур Низомга ва Болалар шаҳарчаси уставига мувофиқ фаолият кўрсатадиган директор томонидан амалга оширилади.
Болалар шаҳарчаси директори Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда Болалар шаҳарчаси муассиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Болалар шаҳарчаси директорини лавозимига тайинлаш танлов асосида амалга оширилади.

45. Болалар шаҳарчаси директори:
Болалар шаҳарчаси номидан иш кўради, барча ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;
ўзига берилган ваколатлар доирасида Болалар шаҳарчаси мол-мулкини тасарруф этади;
ишончномалар беради;
ғазначилик бўлинмаларида ҳисоб рақамлари ва бошқа банк ҳисоб рақамлари очади;
кадрларни ишга қабул қилади ва жой-жойига қўяди, Болалар шаҳарчаси ходимларини рағбатлантиради, уларга интизомий жазолар беради ва улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари)ни тўхтатади;
ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради ва фармойишлар беради;
тарбияланувчиларнинг ҳаёти муҳофаза қилиниши ва соғлиғи мустаҳкамланиши, ўқув-тарбия жараёнининг ҳолати, молия-хўжалик фаолияти, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ва моддий бойликларнинг сақланиши учун жавоб беради.

46. Болалар шаҳарчаси директорининг икки нафар: тарбиявий ишлар ва маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари бўлади.
Давлат Болалар шаҳарчаси директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланади.

47. Директор ва унинг ўринбосарлари лавозимларининг малака тавсифлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

48. Болалар шаҳарчаси директори ва унинг ўринбосарлари билан меҳнат шартномаси бир йил муддатга тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Болалар шаҳарчаси директори ва унинг ўринбосарлари фаолиятига баҳо бериш мезонларини ишлаб чиқади, ушбу мезонлар асосида уларнинг фаолияти баҳоланади ва кейинги йил учун меҳнат шартномасини узайтириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

49. Болалар шаҳарчаси маъмурияти ҳар йили Болалар шаҳарчаси жойлашган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларига тарбияланувчиларнинг соғлиғи, уларни тарбиялаш ишлари тўғрисида, шунингдек тарбияланувчиларнинг мол-мулкини бошқариш бўйича ҳисобот тақдим этади.

VII. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИ
ХОДИМЛАРИ

50. Болалар шаҳарчаси директори жисмоний ва юридик шахслар билан муносабатларда, шунингдек судларда тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган қонуний вакил ҳисобланади.
Директор, агар васийлик ва ҳомийлик органи томонидан маъмурият ва болаларнинг манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик мавжудлиги аниқланса, болаларнинг манфаатларини ифодалашга ҳақли эмас. Улар ўртасида келишмовчиликлар бўлган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органи бошқа вакилни тайинлаши шарт.

51. Болалар шаҳарчаси оилаларида тарбиячилар Ўзбекистон Республикасининг 30 ёшга тўлган, бироқ 55 ёшдан катта бўлмаган фуқаролари — ёлғиз аёллар ёки фарзандсиз эр-хотинлар бўлиши мумкин. Тегишли маълумотга эга бўлган шахсларга устунлик берилади.

52. Тарбиячи Болалар шаҳарчаси оиласи бошлиғи ҳисобланади. У Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда танлов асосида ишга қабул қилинади. Халқ таълими вазирлиги тарбиячиларнинг малака тавсифларини ишлаб чиқади ва белгилайди.
Танлашда олий ёки ўрта махсус педагогик, шунингдек психологик ёки тиббий маълумотли, ижтимоий иш кўникмасига эга бўлган шахсларга устунлик ҳуқуқи берилади.
Қуйидаги шахслар тарбиячилар бўлиши мумкин эмас:
суд томонидан ҳуқуқий лаёқатсиз ёки ҳуқуқий лаёқати чекланган деб эътироф этилганлар;
суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
қонун билан ўзига юкланган мажбуриятлар зарур тарзда ижро этилмаганлиги учун васий (ҳомий) мажбуриятларидан четлатилганлар;
агар фарзандликка олиш уларнинг айби билан суд томонидан бекор қилинган бўлса, собиқ фарзандликка олганлар;
судланганлар;
соғлиғига кўра бола тарбияси бўйича мажбуриятларни бажаришга қодир бўлмаган шахслар.
Шахснинг тарбиячи бўлишига монелик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

53. Тарбиячи қуйидагиларга мажбур:
болаларни тарбиялаш, уларнинг соғлиғи, жисмоний, психик, ахлоқий-маънавий камол топиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш;
оилада ахлоқий-маънавий ва уй муҳитини яратиш;
ўз мажбуриятларини тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига зарар етказган ҳолда бажармаслик;
бола учун ўзига берилган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;
ҳар олти ойда тиббий диспансер кўригидан ўтиш;
ҳар икки йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида қўшимча ўқитишнинг икки ҳафталик курсидан ўтиш;
қонун ҳужжатларига ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.

54. Тарбиячи ота-оналар (уларнинг ўрнини босадиган шахслар) учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради, алимент тўлаш мажбурияти бундан мустасно.

55. Тарбиячи билан меҳнат шартномаси белгиланган тартибда, шунингдек болалар ота-оналарига қайтарилган (фарзандликка олинган) тақдирда тўхтатилиши мумкин.

56. Тарбиячилар Болалар шаҳарчасида меҳнат шартномасининг бутун амал қилиш муддати мобайнида яшайдилар.

57. Болалар шаҳарчасидаги тарбияланувчилар манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш учун тарбиячиларга Болалар шаҳарчаси ҳудудида яшайдиган тарбиячи ёрдамчилари ёрдам берадилар ҳамда улар бўлмаганда ва уларнинг таътили даврида уларнинг вазифасини бажариб турадилар.

58. Болалар шаҳарчасининг мукаммал фаолият юритиши учун Болалар шаҳарчаси ходимлари сони ва зарур лавозимлар рўйхати иловага мувофиқ унинг тузилмасига кирадиган оилалар сонига боғлиқ ҳолда намунавий штатларга асосан белгиланади.

59. Болалар шаҳарчаси ходимлари бир йил муддатга танлов асосида ишга қабул қилинади, ушбу муддат йиллик иш натижаларига кўра кейинги йилга узайтирилиши мумкин.

60. Педагоглар, ижтимоий ходимлар ва психологлар қонун ҳужжатларига мувофиқ тарбияланувчиларга руҳий ва ижтимоий педагогик ёрдам кўрсатадилар, улар Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларининг руҳий, шахсий ва ижтимоий ривожланишидаги нуқсонларни тузатиш ишларини ташкил қиладилар.

61. Болалар шаҳарчасининг тиббиёт ходимлари тарбияланувчиларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўригини ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида ихтисослаштирилган даволанишга йўналтирилиши, тарбияланувчиларнинг реабилитация тадбирларига киритилиши, Болалар шаҳарчасида санитария ва эпидемияга қарши режимларга риоя қилиниши, тарбияланувчиларнинг сифатли овқатланиши, уларнинг жисмоний ва ақлий юкламалари меъёрлари, санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ Болалар шаҳарчаси ҳаёт фаолиятининг ташкил этилиши учун жавоб берадилар.

VIII. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАЛАРИ
ТАЪМИНОТИ ВА УЛАРНИ
МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ

62. Давлат Болалар шаҳарчалари таъминоти ва уларни моддий-техник таъминлаш давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Давлат Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари тўлиқ давлат таъминотида бўлади.
Нодавлат Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари муассислар таъминотида бўлади. Бунда маблағ билан таъминлаш ушбу Низомда давлат Болалар шаҳарчалари учун белгиланган миқдорлар ва нормативлардан кам бўлиши мумкин эмас.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қисман маблағ билан таъминланади, яъни «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг Болалар маҳаллалари таъминоти учун харажатлар, хусусан — овқатланиш, коммунал хизматлар, тарбияланувчилар учун кийим-кечаклар, пойафзаллар ва юмшоқ мебеллар сотиб олиш харажатлари қопланади.

63. Болалар шаҳарчалари, қоидага кўра, туманлар марказларида ва йирик шаҳарларнинг шаҳар атрофи ҳудудларида жойлаштирилади.
Болалар шаҳарчаси ҳудуди, бинолари ва иншоотларига нисбатан энг кам талаблар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда белгиланади.
Болалар шаҳарчасининг моддий-техник жиҳозланишига нисбатан энг кам талаблар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Болалар шаҳарчаси бинолари техника хавфсизлиги қоидаларига, шунингдек санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ жиҳозланади ва фойдаланилади.

64. Болалар шаҳарчаси давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин ҳудудий молия органлари тақдим қилинган Болалар шаҳарчаси харажатлар сметасини ва унинг штатлар жадвалини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказади.
Болалар шаҳарчасининг харажатлар сметаси шаҳарчанинг ўз таъминоти сифатида акс эттириладиган харажатлар бўйича, жумладан барча ходимларнинг иш ҳақи, коммунал хизматлар учун харажатлар ва бошқа жорий харажатлар, бинолар ва иншоотлар сақланиши, уларни таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқалар учун харажатлар ҳамда харажатлар сметасида алоҳида ҳисоб-китобда ҳар бир алоҳида оилага ажратиладиган, бюджет таркибига кирадиган ва нақд пул шаклида тўланадиган харажатлар бўйича тасдиқланади.
Нодавлат Болалар шаҳарчалари тармоқлар, штатлар жадвали ва контингент бўйича молия органларига ҳисобот топширадилар.

65. Бинолар сақланиши учун харажатлар ва Болалар шаҳарчалари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа жорий харажатлар билан биргаликда коммунал хизматлар бўйича харажатларни маблағ билан таъминлаш нақд пулсиз тўловлар орқали амалга оширилади.

66. Давлат Болалар шаҳарчаларидаги оилавий бюджет харажатларини қоплаш учун ҳар бир тарбиячига «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари учун тасдиқланган нормативларга мувофиқ ҳисобланган тарбияланувчилар таъминотига ойлик пул маблағлари тўланади.
Ҳар бир алоҳида оила бюджетига қуйидагилар киради:
озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, пойафзаллар, чойшаблар ва сочиқлар, кундалик хўжалик ва шахсий гигиена буюмлари, ўйинлар, ўйинчоқлар, китоблар, бошқа майда хўжалик буюмлари сотиб олиш ва транспорт харажатлари;
соғломлаштириш, таълим бериш ва маданий-оммавий тадбирлар.

67. Тарбиячилар томонидан оила бюджети маблағларидан тежаб қолинган пуллар оила байрамлари ва оиланинг бошқа мақсадлари учун ишлатилиши мумкин.

68. Давлат Болалар шаҳарчаларини молиялаштириш, шунингдек уларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга харажатлар ажратиш «Меҳрибонлик» уйлари учун белгиланган меъёрларга мувофиқ амалга оширилади.

69. Давлат Болалар шаҳарчаларидаги битта тарбияланувчининг озиқ-овқат, кийим-кечак, пойафзал ва юмшоқ мебель билан таъминлаш меъёри «Меҳрибонлик» уйлари учун тасдиқланган меъёрларга ўхшаш ҳолда белгиланади.

70. Болалар шаҳарчасида молиявий бошқариш тизими Болалар шаҳарчасининг ҳар бир оиласида молиявий жавобгарлик ва ҳисобот беришга йўналтирилган.
Маъмурий-бошқарув механизмлари Болалар шаҳарчаси раҳбарияти томонидан ҳар бир оиланинг табиий жараёнларига аралашишини камайтиришни назарда тутади.

71. Давлат Болалар шаҳарчаларида қонунчиликда назарда тутилган тарбиячилар, маъмурий-хўжалик ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи ва уларни моддий рағбатлантириш давлат бюджети ҳисобига «Меҳрибонлик» уйлари учун қўлланадиган тартибда амалга оширилади.
Болалар шаҳарчасининг барча раҳбар, педагог ва бошқа ходимларига етим болалар билан ишлашнинг махсус шароитлари учун иш ҳақи ставкасига 50 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ белгиланади.
Тарбиячилар ва тарбиячининг ёрдамчиларига болалар билан кеча-кундуз, шу жумладан тунги вақтда ишлаганлиги учун иш ҳақи ставкасига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ белгиланади.

72. Бюджетнинг ғазначилик ижросига ўтмаган минтақаларда давлат Болалар шаҳарчаси таъминоти учун ажратиладиган пул маблағлари ҳар ойда унинг банкдаги ҳисоб рақамига белгиланган муддатларда ва тартибда ўтказилади.

73. Бюджетнинг ғазначилик ижросига ўтган минтақаларда давлат Болалар шаҳарчаси харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобига молия органларида, шунингдек Ғазначилик бўлинмаларида белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатга олинган харажатлар сметалари асосида тўлаш учун ғазначилик ҳисоб рақами очилади.

74. Болалар шаҳарчасини моддий қўллаб-қувватлаш, тарбияланувчиларни мустақил ҳаёт ва меҳнатга тайёрлаш мақсадида Болалар шаҳарчаси маъмурияти васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик ёки бошқа фаолиятни ташкил этиш ҳуқуқига эга.
Болалар шаҳарчаси маъмурияти бюджетдан ташқари маблағларни ўтказиш учун алоҳида банк ҳисоб рақамини очиш ҳуқуқига эга.

75. Болалар шаҳарчасига берилган болаларнинг таъминоти учун маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча меъёрлар ва имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ҳажмда тўланиши лозим. Айрим сабабларга кўра ўтган молия йилида тўланмаган пул маблағлари кейинги молия йилида тўланади.

76. Йил давомида фойдаланилмаган маблағлар олиб қўйилмайди, улар Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади ва кейинги йилда улардан ушбу мақсадлар ва болалар эҳтиёжи учун фойдаланилади.

77. Болалар шаҳарчасининг барча молиявий-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисобини Болалар шаҳарчаси бухгалтери амалга оширади, у тегишли халқ таълимини молиялаштириш бўлимларига ҳар ойда ва ҳар чоракда ҳисобот топширади.

78. Болалар шаҳарчаси бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

79. Барча тарбиячилар моддий жавобгар ҳисобланадилар.

80. Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларининг овқатланишини ташкил этиш тарбиячи томонидан амалга оширилади.

81. Озиқ-овқат маҳсулотларини ҳафтасига камида бир марта (тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳафтасига камида икки марта) сотиб олиш тарбиячи томонидан амалга оширилади.
Тарбиячи тарбияланувчиларни уларнинг ёшига мувофиқ равишда балансланган овқатланишини таъминлайди.
Тарбиячи овқат пишириш учун зарур бўлган маҳсулотлардан сарфланган маҳсулотларни кейинчалик таомнома бўйича ҳисобдан чиқармасдан фойдаланади.
Оиладаги болаларнинг сифатли ва тўлақонли овқатланишининг ташкил этилганлиги болаларни доимий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, умумий ривожланиши, ўсиши, вазни, шунингдек врач ва Болалар шаҳарчаси маъмуриятининг танлаб назорат қилиш натижаларига кўра аниқланади.

82. Маҳсулотлар чакана савдо ташкилотларидан харид қилганда тўлов чеклари сақлаб қўйилади, озиқ-овқат бозоридан нақд пулга харид қилинган маҳсулотлар учун эса далолатнома тузилади.

83. Озиқ-овқат маҳсулотларини ва бошқа товарларни ҳисобдан чиқариш тарбиячилар томонидан тақдим этилган чеклар ва далолатномалар асосида, доимий ишлайдиган комиссия томонидан амалга оширилади.

84. Доимий ишлайдиган комиссия таркиби Болалар шаҳарчаси директори томонидан бир йилга белгиланади ва унинг буйруғи билан тасдиқланади.

85. Болалар шаҳарчасидан узоқ масофада жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқиётган тарбияланувчиларга, йирик харидлардан ташқари, Болалар шаҳарчасидаги тушлик пул қийматидан ошмайдиган миқдорда тушликка нақд пул берилади.

86. Тушлик учун нақд пуллар нормативлари суммаларни тарбияланувчиларнинг ёшига қараб тақсимлаган ҳолда тасдиқланади.

87. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 25 январдаги 33-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар, етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун, шунингдек Болалар шаҳарчасига тарбиялашга берилган болалар учун ҳам жорий этилади.

88. Болалар шаҳарчаси врачи тарбиячига озиқ-овқат маҳсулотлари танлашда маслаҳат ёрдами беради ва овқатланишни ташкил этиш ва унинг сифатини танлаб назорат қилади.
Болалар шаҳарчаси врачи бухгалтерия ва тарбиячиларнинг дори-дармонлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун ишлатган маблағлари билан боғлиқ бўлган барча ҳисоб-китоб ёзишмаларини тўсқинликсиз олиш ҳуқуқига эга.

89. Болалар шаҳарчасининг молия-хўжалик фаолияти юзасидан назоратни молия органлари амалга оширадилар.

90. Болалар шаҳарчасининг моддий-техника базаси бинолар, иншоотлар, ер участкалари, коммуникациялар, инвентарлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалардан иборат бўлади.

IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

91. Болалар шаҳарчаси мақоми охирги тарбияланувчи балоғат ёшига етгунга қадар ва ишга жойлашгунга қадар сақланиб қолади.

92. Болалар шаҳарчаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

93. Болалар шаҳарчаси тугатилганда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш тўловларини чегирган ҳолда қонун ҳужжатларига ва унинг уставига мувофиқ фойдаланилади.

Низомга
ИЛОВА

Болалар шаҳарчаларининг
НАМУНАВИЙ ШТАТЛАРИ

Т/р Лавозимлар номи Оилалар сонига кўра
штат бирликлари сони
12 оила 16 оила 18 ва ундан кўп оила
1. Директор 1 1 1
2. Директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари 1 1 1
3. Директорнинг маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосари 1 1 1
4. Юридик маслаҳатчи 0,5 0,5 0,5
5. Тарбиячи 12 16 18 ва ундан ортиқ
6. Тарбиячининг ёрдамчиси 6 8 9 ва ундан ортиқ
7. Ижтимоий ходим 1 1,5 2
8. Психолог 1 1,5 2
9. Бош бухгалтер 1 1 1
10. Бухгалтер 1 1 1
11. Кассир 1 1 1
12. Врач 1 1 1
13. Иш юритувчи котиба 1 1 1
14. Мусиқа раҳбари 1 1 1
15. Тиббий ҳамшира 1 1 1
16. Жисмоний тарбия инструктори 1 1 1

Изоҳлар.
Ишловчилар сони 200 нафаргача бўлган Болалар шаҳарчаларига бир неча лавозимда ишлаш шартларида иш ҳақи тўлаган ҳолда 0,5 штат бирлигидан иборат бўлган фуқаро мудофааси бўйича мутахассис лавозими киритилади.
Автомобиль, автобус, микроавтобус ёки юк транспорти мавжуд бўлган Болалар шаҳарчаларида ҳайдовчи лавозими жорий этилади.
Қоровул лавозими дам олиш кунлари, байрам кунлари ва таътил даврида ўрнига ўзганинг ишлашини ҳисобга олган ҳолда 2,5-3 штат бирлиги миқдорида белгиланади.
Болалар шаҳарчаларида маъмурий бинолар ҳудудини супуриш-йиғиштириш учун хизматчи лавозими жорий этилади.
Мевали боғ ёки манзарали ўсимликлардан иборат бўлган камида 1,5 га ер участкаси мавжуд бўлган Болалар шаҳарчаларида боғбон лавозими жорий этилади.
Иситиш мавсумида (кочегарлар), бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналарга комплекс хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича ишчилар ёки қуйидаги ҳисоб-китоблар бўйича ўт ёқувчилар лавозимлари жорий этилади:
марказий иситиш тармоғи мавжуд бўлганда — ҳар бир буғқозонга бир смена учун 1 бирлик кочегар лавозими, иситиш юзаси 75 кв. метрдан ортиқ бўлган, ёқилғининг қаттиқ турлари (торф, тошкўмир) қўлланадиган буғқозонларга — ҳар бир буғқозон учун бир сменада 2 бирлик кочегар лавозими;
газ билан иситишда — бир смена учун 1 бирлик кочегар лавозими, хавфсизлик автоматикаси мавжуд бўлмаган буғқозонхоналарда эса бир смена учун 2 бирлик кочегар лавозими.
Биноларга комплекс хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича ишчилар лавозими қуйидаги ҳисоб-китоб бўйича белгиланади:
ҳар 500 ёритиш нуқтаси учун 1 бирлик электромонтёр лавозими, бироқ у Болалар шаҳарчаси учун 0,5 бирликдан кам бўлмаслиги керак;
сув қувури ва канализация билан таъминланган ҳар 2000 кв. метр фойдали майдон учун 1 бирлик чилангар-сантехник лавозими, бироқ у Болалар шаҳарчаси учун 0,5 бирликдан кам бўлмаслиги керак;
Болалар шаҳарчаси учун 1 бирлик дурадгор лавозими.
Болалар шаҳарчалари таъминоти учун харажатлар сметаларида мактаб ёшидаги болалар ва аралаш типдаги болалар уйлари учун Болалар шаҳарчасига 1 ставка миқдорида — тўгараклар раҳбарлари иш ҳақига маблағлар ажратиш назарда тутилади.

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2008 йил, 22-23-сон, 199-модда.