KONSTITUTSIYA-BAXTIMIZ QOMUSI

Конституция – оила тотувлигининг мезони

Конституция – оила тотувлигининг мезони

1
Оддий ҳаётий ҳақиқат шуки, жамият тараққиётида, маънан баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси 
Конституцияси қабул қилинган кун
Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, никоҳ

муқаддаслигини ёш авлод онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Оддий ҳаётий ҳақиқат шуки, жамият тараққиётида, маънан баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс.
Оила тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Бош қомусимизнинг 63-моддасида бу ўз ифодасини топган. Унда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлиликка асосланиши белгиланган.
Оилалардаги барқарорликни муҳофаза қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳам ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шу боис, Конституциямизда белгиланган оила ҳуқуқини муҳофаза қилиш борасида марказ томонидан олиб борилаётган ишлар билан қизиқдик.
– Бугунги кунда мамлакатимизда 8 миллиондан ортиқ оила бор. Уларнинг 2 миллиондан ортиғи ёш оила ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Дилбар Алимжонова. – Бинобарин, жамиятдаги ҳар қандай қусур ва камчиликларнинг туб илдизи аксар ҳолларда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитдан келиб чиқади. Шундай экан, барқарор ва фаровон мамлакат негизини, аввало, мустаҳкам оилалар ташкил этади.
Конституциямизнинг алоҳида бир боби оилага бағишланиб, унинг ижтимоий мақоми аниқ-равшан белгилаб қўйилгани эса дунё давлатларининг бош қонунларида учрайдиган камёб воқеликдир. Шу билан бирга, оиланинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Оила, Фуқаролик, Уй-жой, Меҳнат кодексларида, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги қатор қонунлар билан тартибга солинади. Бу борадаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, мавжуд қонунчиликни бугунги шиддаткор замон талабларига уйғунлаштириш оила институтини мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этади.
– Оила ҳуқуқи бузилганда биринчи навбатда маҳаллага, хотин-қизлар қўмитасига ёки фуқаролик судига мурожаат қилинади. Бу борада “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қандай вазифаларни бажармоқда?
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги ”Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва ҳудудий бошқармалари, туман, шаҳар бўлимлари ташкил этилди. Бу оилалар ҳуқуқлари бузилганда марказимизга мурожаат қилиш имкониятини яратди.
Бугунга қадар “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари томонидан 21 минг 200 дан зиёд жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати қабул қилиниб, улар муаммоларига ижобий ечим топилди. Жумладан, ташкилотимиз томонидан оилавий муаммолар, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат ва тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан қилинган мурожаатлар бўйича фуқароларга тегишли кўмак берилди.
– Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигига эришиш, эрта никоҳнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Бу йўлда қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилган?
– Оила мустаҳкамлигига эришиш, эрта никоҳнинг олдини олиш борасида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилликлари, тиббиёт бирлашмалари ҳамда таълим муассасалари томонидан ҳамкорлик тизимли йўлга қўйилган.
Хусусан, республикамизда барча оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида хотин-қизлар учун аёллар маслаҳатхоналари ташкил этилди.
Ёшларимизни ҳаётга тайёрлаш мақсадида жорий йил июнь ойида тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги ФҲДЁ органига никоҳдан ўтишга ариза берган бўлғуси келин-куёвлар учун махсус ўқув курси ташкил этилди. Бир ой мобайнида ўтиладиган ўқув курсида шу кунга қадар 90 нафар ёшларнинг билим ва кўникмалари оширилди. Келгусида бу каби ўқув курслар фаолиятини республикамизнинг барча туманларида йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Шунингдек, яқинда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ идораси биносида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” очилди. Президентимиз ғояси асосида ташкил этилган ушбу инновацион мактабда оила қуриш арафасида турган ёшларга оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий-ижтимоий, психологик, маънавий-ахлоқий асослари, оилада эркак ва аёлнинг вазифалари, оила иқтисодиёти ҳамда бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик борасида замонавий инновацион технологиялар асосида билим ва кўникмалар берилмоқда.
– Жорий йилда оилаларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича қандай янгиликлар бўлди?
– Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш борасида мутлақо янгича тизим ишлаб чиқилди, кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз шу йил 27 июнь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг мақсад ва вазифаларига кўра, мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган.
Мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унда оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, қийин ҳаётий шароитга эга оилалар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида олиш мақсадида «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг ягона идоралараро ахборот базасини яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, оилавий бизнесни, оилаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш, Оила кодексининг оиладаги ҳуқуқий муносабатлар мезонларини аниқлаш, алиментларни белгилаш, ажрашиш вақтида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларини янада такомиллаштириш, кўп болали ва муҳтож оилаларга имтиёзли кредитлар бериш ва ер майдонларини тақдим этиш ҳам назардан четда қолмаган.
Концепцияда никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш тизимини такомиллаштириш, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг, туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш масаласига ҳам аҳамият берилган.
Ҳужжатда ижтимоий ҳимояга ҳам эътибор қаратилган бўлиб, вояга етмаган ёки ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган ёлғиз ва кўп болали ота-оналарга ер участкаларидан самарали фойдаланишида кўмаклашиш, ота-оналар учун ногиронлиги бўлган фарзандларни тўғри парваришлаш ва тарбиялаш бўйича методик ҳамда амалий қўлланмаларни ишлаб чиқиш, патронаж ва ижтимоий хизматлар ёрдамида уларнинг кўникмаларини ошириш ва бошқалар назарда тутилган.
Шунингдек, оилаларда ички оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан, ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитларини амалий ҳал қилиш механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.
2019 йилдан бошлаб ҳар йили 15 майда Ўзбекистонда Халқаро оила кунини нишонлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашиш мақсадида “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда тинч-тотув, тўкис ва зиёли оилалар янада кўпайишига, фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиб ўсишида кўплаб қулайликлар яратишига ишонамиз.